Россия, мигрантлар, коронавирус: Москвадаги ўзбекистонликларга ёрдам маркази очилди O’zbekiston

Шу пайтгача Россияда коронавирусга чалинганлардан 2 ярим минг киши соғлигини тиклаган бўлса, 232 киши киши вирус туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Аввал хабар берганимиздек, Москва 15 апрелдан рақамли пропуск тизимига ўтди. Бир кунда 3 миллиондан зиёд киши Мос.ру сайти орқали махсус рухсатнома олишган. Рухсатномалар ишчи ва бир марталик бўлиб, муддати 30 апрелга қадар этиб белгиланган.

Шундай бир вазиятда Россиядаги минглаб ўзбекистонликларнинг ҳаёти анчайин мураккаблигича қолмоқда. Би-Би-Си ўзбек хизмати муштарийлари орасида муҳожирларнинг ишсиз қолгани, кун сайин пуллари тугаб, аҳоли танглашаётганини ёзаётганлар кўпайиб бораяпти.

Айниқса, кейинги кунларда ўзбекистонликлар орасида коронавирусга чалинган мигрантлар борлиги, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳақида билдиришмоқда.
— Ўзларини ёмон ҳис қилиб «Тез ёрдам» чақиришса, аввало, келиши қийин бўлиб кетган. Келгач ҳам, дори-укол бериб қайтиб кетишаяпти. Сабаби, шифохоналар россиялик беморлар билан тўла. Меҳнат муҳожирларига поликлиникага чиқиш тавсия этилаяпти. У ерда эса мигрантдан хужжат — миграция ҳисоби (регистрация) ва тиббий суғурта талаб қилишаяпти. Патент расмийлаштирилганда ихтиёрий-мажбурий сотиладиган тиббий суғурта эса тан олинмаяпти, — дейди миграция масалалари юристи Зарнигор Омониллаева.

Куни кеча Россия матбуоти Ленинград вилоятидаги мигрантлар ётоқхонасида 35 мигрант коронавирусга чалинганини маълум қилди. Ётоқхонада 500 га яқин муҳожирлар истиқомат қилган.

Би-Би-Си ўзбек хизматига Москвадаги ётоқхоналарнинг бирида вақтинча яшовчи ўзбекистонликлар коронавирус билан касаллангани ҳақида хабар келиб тушган. Аммо бу хабар ҳали расман тасдиқлангани йўқ.

Айнан шу каби ҳолатларда Марказий осиёлик мигрантларга ёрдам кўрсатиш учун Москвадаги бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари ва кўнгиллилар кўмак дастури устида ишлашмоқда.

Бугундан бошлаб эса Москвада бир гуруҳ ўзбекистонликлар томонидан ташкил этилган «Саховат» Ижтимоий ёрдам маркази иш бошлади.

image

Марказ Москва шаҳри ва вилоятида қийин аҳволга тушиб қолган ўзбекистонликларга ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Би-Би-Си ўзбек хизмати мазкур марказ ташкилотчиларидан бири билан суҳбатлашиб, тўлиқ маълумот олди.

Марказнинг «Саховат.рф» сайти бугун ишга тушди.

«Биз COVID-19 пандемияси даврида Москва ва Москва вилоятида яшовчи оғир ҳаёт шароитларига тушиб қолган ўзбекистонлик фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам берамиз.

Бизнинг мақсадимиз — фукароларни асосий озиқ-овкат маҳсулотлари тўплами ва дори дармон билан бепул таъминлаш», — дейилади сайтнинг бош саҳифасида.

Сайтда кўрсатилган манзиллар орқали ташкилотчилар билан боғланишга муваффақ бўлдик.

— Янги лойиҳамизни бошлаб олдик. Ҳозирда 300 тача тўплам сотиб олинган, 13 таси озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат. Ҳақиқатдан ҳам пандемия ортидан қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга етказамиз. Хабаримиз бор, ҳозирги кунда ишсиз қолган, пуллари тугаган ва хатто касалликка муҳожирлар бор. Уларга шундай оғир вазиятда кўмаклашишга қарор қилиб, шу ҳайрия фондини ташкил этдик, — дейди «Саҳоват» ёрдам маркази ташкилотчиси.

Ташкилотчилар ўзбекистонликлар муҳожирларни қўллаб-қувватлаш ишларини амалга оширишда ўз номларини ошкор қилинишини исташмади.

— Ҳозирча ҳомийларимиз ҳам ўз ҳиссаларини қўшишаяпти. Мурожаатли аризалар келиб туша бошлади. Биз рўйхат асосида тез орада кўмакни бошлаймиз, — дейди ташкилотчи.

«Саховат» ижтимоий ёрдам маркази манзилли ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ҳаракатида. Бу кўмак COVID-19 пандемияси ортидан Россия Федерациясида қийин шароитларга тушиб қолган ўзбекистонликлар ва уларнинг оилаларини озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар билан таъминлашдан иборат.

Саховат марказига ёрдам сўралган мурожаатларни бугун — 16 апрелдан бошлаб қабул қилишни бошлади. Аризаларни http://саховат.рф/ сайтида кўрсатилган электрон манзилга ва марказнинг Facebookдаги саҳифаларига йўллаш лозим.

Марказ ёрдами биринчи навбатда аёллар, ёш болали оилалар, кекса ёшли ва ногиронлиги бўлган ўзбекистонликларга кўрсатилиши маълум қилинган.

«Саҳоват» ижтимоий ёрдам маркази кўнгиллилари озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни Москва шаҳри ва вилоятидаги эҳтиёжманд ўзбекистонликларга етказиб беришни режалаштиришмоқда.

«Саҳоват» ёрдам маркази орқали Россияда қийин вазиятда қолган ўзбекистонликларга ёрдам кўрсатишни, ҳомийлик қилишни истовчилар ҳам сайт орқали ташкилотчилар билан боғланишлари ёки ҳайрия маблағларини сайтда кўрсатилган банк ҳисоб рақамига ўтказишлари мумкин.

Шунингдек, кўнгиллилар сафига қўшилмоқчи бўлганлардан ҳам мурожаатлар ҳам қабул қилиниши хабар қилинган.

Айни пайтда Россияда қолаётган Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг карантин ортидан ишсиз, пулсиз қолиши билан бир қаторда вирусга чалинганликлари ҳақидаги хабарлар ҳам айланиб юрибди. Аммо айнан Россиядаги ўзбекистонликлар орасида коронавирус билан боғлиқ ҳодисалар қайд этилаётгани билдирилмоқда, бироқ ҳозирча расмий маълумотлар йўқ.

Россиядаги ўзбекистонликларнинг Би-би-си ўзбек хизмати билан боғланишларида қулайлик бўлиши учун Москвадаги телефон рақамимизни маълум қиламиз. Эндиликда +7 968 577 57 84 рақами орқали боғланиб, ўзингиз ва атрофингиздаги воқеа-ҳодисаларни билдиришингиз мумкин.

Комментарии закрыты.